Меню сайта
Категории раздела
Бесплатные анимационные смайлики для одноклассники.ру [0]
YANGILIKLAR / ЯНГИЛИКЛАР / HABARLAR / AXBOROT [3]
HIKOYALAR / ХИКОЯЛАР [70]
SEVGI HIKOYALARI / СЕВГИ ХИКОЯЛАРИ / AYANCHLI SEVGI HIKOYALARI [78]
Любовные истории, истории любви, рассказы о любви [98]
FUTBOL YANGILIKLARI / Новости футбола [3]
SHOU BIZNES YANGILIKLARI / ШОУ БИЗНЕС ЯНГИЛИКЛАРИ [23]
YULDUZLAR BIOGRAFIYASI / ЮЛДУЗЛАР БИОГРАФИЯСИ [11]
DUNYO YANGILIKLARI / ДУНЁ ЯНГИЛИКЛАРИ [7]
O'ZBEKCHA KINOLAR / УЗБЕКЧА КИНОЛАР [0]
Смотреть онлайн бесплатно в хорошем качестве / Фильмы HD онлайн смотреть [4]
HIND KINOLARI ONLINE / Индийские фильмы онлайн [1]
TURKCHA SERIALLAR / ТУРКЧА СЕРИАЛЛАР / Турецкие сериалы онлайн на русском языке. Смотреть турецкие [0]
MOBIL TELEFONLAR UCHUN / МОБИЛ ТЕЛЕФОНЛАР УЧУН [1]
Foydali maslahatlar / Полезны советы [102]
Заработок в интернете / Pul ishlash [0]
Pazandachilik / Кулинария [0]
BAXS - TORTISHUV / FIKR MULOHAZA [159]
BEPUL MP3 KO'CHIRIB OLISH / БЕПУЛ МП3 КУЧИРИШ [1]
SEVGI HIKOYALARI / СЕВГИ ХИКОЯЛАРИ / AYANCHLI SEVGI HIKOYALARI [0]
YANGI KINO FILMLAR










Статистика

ss

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2013 » Ноябрь » 24 » Зулматга яширинган сир
14:31
Зулматга яширинган сир
Ярим тун. Сокинлик. Тоғ ён бағрида жойлашган Мўйдин қишлоғи ўзининг тоғидек салобат тўкиб турар, ҳар замонда итларнинг ҳуриши сокинлик қаърига чўккан тунни уйғотгандек бўлар, бироқ, кундалик ишлардан толиққан қишлоқ аҳолисининг ширин уйқусини бу шовқинлар буза олмас эди. Ҳудди ушатилган патирдек яримта ой бироз орқага ётган ҳолда, зулматнинг қора кўланкасига қарши чиққандек хира нур сочарди. Қишлоқ касалхонаси қоровули Мардон ҳам осмондаги юлдузларга тикилганча икки боласини, муштипар хотинини ўйларкан, рўзғорнинг ҳали униси кам, ҳали буниси кам деган ташвишлари уйқусини қочирди. "Ойлик маоши ҳам ҳаминқадар - энига тортсанг бўйига етмайди. Тўғри, иши қийин эмас – уч кунда бир марта тунги навбатчиликда туради, қолган кунлари уй ишлари билан банд. Қишлоғи ҳам ёмон эмас. Ерлари ҳосилдор, чўпни қадасанг дарахт бўлади. Худо осмондан ёғингарчиликни берса, бас. Ҳовлига ул-бул экиб ҳам тирикчиликни қилса бўлади. Жилла қурса иккита оқлик сигир олсаку нур устига нур. Бола чақасининг оғзи оққа етади-да. Аксига олиб бу йил ҳам худо йилдан қарашмади. Қурғоқчилик, молга ем-ҳашак йўқ. Майли, борига барака, соғ-омон юрганимизнинг ўзига ҳам шукр”. 

Мардон шу каби ўй-хаёллар оғушида ярим тун бўлганини ҳам билмай қолди. Гарчи ҳаётда анча йўқчиликни кўрган бўлса ҳам барибир худонинг берган ризқига шукр қилишни отаси, бобосидан ўрганган. 
Мардоннинг ёстиғи бироз пастлик қилди шекилли, икки қўлини бошининг тагига олиб, ёстиқни бироз буклади. Анчайин эскириб қолган кроват ҳам тун сокинлигини бузиб ғирчиллар, бу Мардонга унчалик ёқмаса ҳам ҳар кунлик овозга бутунлай кўникиб кетган эди. "Тавба, - яна ўйлади Мардон ҳудди кўнгли бир нарсани сезгандек, - шунчалик ҳам сокин тун бўладими? Навбатчи шифокорлар ҳам беморларга тунги уколларини қилмайдими-а”. Нимагадир кўнгли ғаш бўлган Мардон эринибгина туриб, банкада турган муздай сувдан сипқорди. Чанқаган экан, хаёлга берилиб сезмапти ҳам. Лабларини енгига артиб кроватга қайтадан аста ёнбошлаётган эди, касалхонага яқин ҳовлилардан бирида ғала-ғовур овозлари эшитилиб қолди. "Тинчликмикин ишқилиб”, - ўзича ўйлади Мардон. Нима бўлганда ҳам қоровул-да, масъулиятни ҳис қилган Мардон шовқин-сурон бўлаётган жойга яқинроқ боришга ҳаракат қилди. Яқинлашгани сари аламли сўкиниш, ҳақорат овозлари эшитила бошлади. "Тўхта-тўхта ахир бу овоз Шоди бобонинг уйидан келаяпти-ку. Бу уйда қишлоқнинг ҳали бирор кишиси ортиқча шовқин бўлганини эслай олмаса керак. Қишлоқдаги энг намунали оилалардан бири-ку”. Шу хаёллар билан воқеа жойига яқинлашган ҳам эдики, милтиқ овози "варанг”лаб бутун борлиқни гўёки жаҳаннам олови тутгандек ҳамма ёқ ёп-ёруғ бўлиб кетди. Нима бўлаётганини идрок ҳам қила олмаган Мардон бир неча сония тахтадек қотиб қолди. Кимнингдир аламли "вой-дод, ўлаяпман” деган ўкиргани ҳушини жойига келтирди. Ўқ ҳовли олдида турган одамга аниқ теккан эди. Жон ҳолатда сим девордан сакраб ўтган у одам Мардонга тикилди. Бу кўзлар ойнинг хира ёруғида жуда ваҳимали йилтирар, ҳудди "менинг ягона гувоҳим сенсан, мени отганига гувоҳлик бер” деяётгандек эди. Қўрқув ва оғриқ барчаси бир бўлиб унинг кўзларида қотган, Мардон бундай манзарани болалигида қассоб тоғаси қўйни бўғизлаганда қўйнинг кўзларида кўрган эди. Ушбу лаҳзаларда Мардоннинг бутун ҳаёти кўз олдидан ўтди ва шахт билан ўгирилганча орқасига қарамасдан қочди. Ўз кроватига қандай етиб келганини, қандай қилиб кўрпани ёпинганини ҳам билмай қолди. Қўл-оёғи тинимсиз титрар, банкадаги сувни топиб ича олмас, қўллари столнинг устида ҳудди кўр одамнинг қўлидек у ёқдан - бу ёққа бориб келарди. Ўша овоз яна эшитилди - "қутқаринглар, у мени отди”. 
***
Эрталаб бутун қишлоқда шов-шув тарқалди - "Шоди бобонинг уйи олдида Қулмат акани ўлдириб кетишибди”. Қишлоқ мактабининг ёнида тумонат одам. Милиция ходимлари, маҳалла оқсақоллари, гувоҳлар ҳаммаси жам. Сабаби Шоди бобонинг уйи шундоққина қишлоқ мактаби ва касалхонасининг рўпарасида жойлашган эди. Даҳшатли манзаранинг гувоҳи бўлганлар турли-туман тахминларни қилишар, айб кимдалигини билишмасада, ўзларининг фикрларини билдиришарди. Ахир халқнинг оғзига элак тутиб бўладими?. 
Мактабга кираверишда, шундоққина зинанинг ёнида, синфхона деразасининг тагида қип-қизил қонига беланиб ётган Қулматнинг устига ташлаб қўйилган оппоқ мато ҳам қизил қонга бўялган, афтидан марҳум жуда кўп қон йўқотгани унинг ётиши-дан ва матодаги қон доғларидан маълум эди. 
- Бечора, роса қийналган шекилли, Шоди бобонинг уйидан мактабгача судралиб келибди,- дея воқеага ўзининг фикрини билдирди қишлоқ оқсоқоли Ҳикмат ака, - жуда кўп қон йўқотган.
Мактаб олдига тўкилган майда шағал тошлар, бақувват Қулматнинг тагида уюм ҳолатда ётар, афтидан Қулмат уларни жон ҳолатда чунонам сочган ва судралган эдики, кўрган одамнинг юраги эзиларди. Милиция ходимлари аҳолини воқеа жойига яқинлаштирмади.
Эндигина еттинчи синфга ўтган Абдулла ҳам мактабга келиб шу воқеанинг устидан чиқди. Мурғак қалбли Абдулла ва унинг синфдошлари бу қотиллик эканлигини англамас, улар учун бу шунчаки бир қизиқ ҳодиса эди, холос. 
- Дарс қолиб кетмасин, ҳамма синфга, - деди оқсоқол жаҳл аралаш, салобат билан.
Ҳамма гур этиб ўзини синфхоналарига урди. Абдулла ҳам синфига кириб ўзининг жойига ўтирди. Бир хаёлда деразадан қараган эди Қулматнинг жасади қонига беланиб шундоқ дераза тагида ётарди. Ўқитувчининг гаплари қулоғига кирмас, ўзи ҳам сезмаган қўрқув аралаш деразадан кўзини узмасди.
Дарснинг ўн-ўн беш дақиқаси ўтар-ўтмас мактаб ёшлар етакчиси кириб ҳаммага жавоб бўлганини, директор шунақа топшириқ берганини айтди. Болалар ҳам шуни кутиб тургандек, шовқин-сурон билан мактабдан чиқиб кетишди.
Қишлоқ "участкавой”и Назир милиса касбига хос синчковлик билан жасад тепасига келди ва ўзининг ҳаёти давомида орттирган тажрибаларидан келиб чиқиб, ўзича бир нималарни ёзиб, туман марказидан текширувчилар келгунча атрофни, кўзга илинадиган далилий ашёларни кузатишга тушди. 
Шу пайт Қулматнинг кичик ўғли Анвар дод солганча мактаб дарвозасидан кира солиб, отасининг жасади томон югурди. 
- Ота, сизга нима бўлди, ким сизни бу аҳволга солди? 
Назир милиса чаққонлик билан унинг йўлини тўсди. Сабаби, агар жасад қимирлаб кетса суриштирувни олиб боришга бироз бўлса-да ҳалақит бериши мумкин.
Ўғил чунонам фарёд солардики, Қулматнинг ўзидек бақувват Анварга икки милиция ходимининг кучи етмас, алам билан отасини шу кўйга солганларни тинимсиз сўкар, қасос олишини айтиб бақирарди. Отанинг бу тахлит ўлими ўғилга оғир ботди шекилли, ҳушидан кетиб йиқилди.
***
Эрталаб навбатчиликни шеригига топширган Мардон бир аҳволда уйга келди. Лабларига учуқ тошган, ранги докадек оқариб кетган эди. Олдига пешвоз чиққан хотини, кечаси тунда нима бўлганини, ҳамманинг оғзида турли гап юрганини айтиб, ўзи шундоқ ҳам қийин аҳволда қолган Мардоннинг ярасига туз сепарди.
Томоғидан қил ҳам ўтмаган Мардон хотини олиб келган овқатни четга суриб, кечаси тунда бўлган воқеаларни бир бошидан эслашга уринди. "Нималар бўлди ўзи, ким кимни отди? Шоди бобонинг қишлоқда юрган шаҳарлик набираси уйдан милтиқ олиб чиққандек бўлди, ўқ отилди, кимдир гурсиллаб ерга қулаб, дод солди. Мардон эса қўрққанидан қочди. Мен қўрқоқман, - ичини ит тирнай бошлади Мардоннинг. Ёрдам беришим керак эди”. Бир нуқтага тикилган Мардоннинг ранги докадек оқариб кетганини кўриб, хотини яна сўрайди:
- Нима бўлди, дадаси?
- ...
- Одамни қўрқитмасангиз-чи... Кечаси кимнидир ўлдириб кетишибдими?
- ...
Мардон ўз ёғига ўзи қовурилганча хотинининг гапларига қулоқ ҳам солмас, қўрқувдан билинар-билинмас лаблари пирпирарди. "Наҳотки, энди қамалиб кетаман. Кўра туриб ёрдам бермасдан қочиб кетганим учун қамалиб кетаманми?”. Бу хаёллардан Мардон баттар ваҳимага тушар, тиззасида турган қўллари қалтираётганини ўзи ҳам сезмасди. Шу кундан бошлаб унинг кўз олдидан марҳумнинг юзида қотиб қолган даҳшатли манзара, дод-фарёди кетмай қолди. На ейишида, на ичишида ҳаловат қолди. 
***
Суриштирув ишлари олиб борилди. Туман марказидан қўшимча ходимлар жалб этилди. Тиббий экспертиза ходимлари жасадни кўтарган эди, унинг тагидан ранги униққан, анчайин эскириб қолган қалампир нусха дўппини топишди. Назир милиса ҳудди тилла топгандек хурсанд бўлиб кетди:
- Бу бош кийими бизга анча ёрдам бериши аниқ. 
- Тўғри айтасиз, - деди марказдан келган милиция ходими, - буни кимникилигини аниқланглар.
Қишлоқ кичкина, ким доимий шунақа дўппи кийиб юради, ҳамма билади. Дўппининг эгасини топиш қийин бўлмади. Мактаб ўқитувчиларидан сўрашганида, у мактаб ўқитувчиси Рўзи акага тегишли эканлиги ойдинлашди. 
- Мурожаат қилишга рухсат этинг, ўртоқ бошлиқ! 
- Рухсат!
- Марҳум тўртта жойидан ўткир учли бирон бир асбоб билан жароҳатланган. Мисол учун отвёртка ёки шунга ўхшаш нарса. Рухсат берсангиз, биз дўппининг эгаси Рўзи акани сўроқ қилсак. 
Милтиқ овози ҳақида ҳеч ким чурқ этиб оғиз очмаганидан, ҳатто гувоҳларнинг ҳам йўқлигидан милиция ходимлари чалғиётган, унинг устига сочма ўқ жароҳати диаметри кичиклиги ва изларнинг кўплиги сабаб милтиқ билан отиб ўлдирилганига шубҳа уйғотарди. 
Рўзи акани топиш қийин бўлмади. Уйида экан. Кеча кўп ичганиданми пешингача ухлаган, ё чарчоқдан, ё уйқуданми ҳар тугул кўзи шишган, ўзи ҳам бир аҳволда эди. 
- Дўппи сизникими? – милиция ходимининг биринчи саволи шу бўлди.
- Меники, - кўпам қийнамасдан саволни тасдиқлади Рўзи.
- Кеча тунда марҳум билан қотиллик содир бўлган жойда эдингизми? Нима бўлганини батафсил гапириб беринг. Сизнинг дўппингиз марҳум жасади тагидан топилди.
- Мен кеча тунда ҳеч ким билан бирга эмас эдим. Уйда эдим. Уйдагилар ҳам буни тасдиқлайди. 
- Унда дўппи марҳумнинг тагига қандай келиб қолган?
- Бу ҳақда ҳеч нарса билмайман.
- Уйини тинтиб чиқинглар, - ёрдамчиларига буйруқ берди капитан. Марҳум ўткир учли темир билан кучли жароҳат етказилиши оқибатидан ўлган. Ҳаммасини очиқ-ойдин айтсангиз, ўзингизга яхши. Акс ҳолда ёлғон гувоҳлик берганингиз ва марҳумга ёрдам бермаганингиз учун қамалиб кетасиз.
- Мурожаат этишга рухсат этинг, ўртоқ капитан! – ходимнинг гапи иккисининг суҳбатини бўлиб қўйди. 
- Нима гап?
- Молхонадан мана бу иккита отвёртка топилди. Латтага ўралган ҳолда турган экан.
- Зудлик билан экспертизага олиб боринг, текширишсин.
- Худди шундай.
- Кўрдингизми, ўзингизга жабр қилдингиз, - Рўзи акага мурожаат қилди капитан Боқиев, - ҳозир ҳаммаси исботланса, умрингиз қамоқда чирийди.
- ...
- Қани, уни терговга олиб боринглар, - Рўзи акани кўрсатиб буйруқ қилди Боқиев.
Туман марказидан келган экспертлар мурдани текшириш учун олиб кетишди. Ҳали ҳамон гумонлар аримаган, капитан Боқиевнинг тахминича марҳум ингичка учли қаттиқ жисм билан жароҳатланиши натижасида кўп қон йўқотишдан ўлган. 
Бутун қишлоқда шов-шувлар, тахминлар тинчимаган, Мардон қатори воқеага гувоҳ бўлганлар бўлмаса-да, ўқ овозини эшитганлар бор эди. Бироқ ҳеч ким бу ҳақда чурқ этиб оғиз очмас, ўша ҳамманинг қўрққани "кўрдим дедим тутилдим, кўрмадим дедим қутилдим” қабилида иш тутиши терговчилар ишини чигаллаштириб юбораётган эди.
"Мени қандай ўлдиришганини айт, номард. Ахир, фақат сен кўрдингку. Мени қутқармасдан қочиб кетдинг-а. Эсингдами, отанг сенга суннат тўйи қилганида мен тўйингда хизмат қилгандим. Елкамга кўтариб, тўйингда роса ўйнагандим. Кел, яна сени кўтариб ўйнагим келаяпти. Кел, биргаликда ўйнаймиз. Ёки болаларинги опичлаб ўйнайинми?”. Мардон Қулматга яхшилаб тикилди. "Ахир сиз ўлмаганмисиз? Кеча сизни Шоди бобонинг набираси отиб ташладику”. Гўё қоронғулик қаъридан чиқиб келаётгандек Қулматнинг юзларига аста ёруғлик келди. Қулматнинг қонга беланган юзидаги иккита кўз ўлим талвасасида қандай бўлса шундайлигича нафрат билан тўлалигини кўрган Мардон даҳшатдан бақириб юборди. "Йўқ, болаларимни тинч қўй”. 
Мардон бақирганча уйғониб кетди: "Ҳайрият туш экан”. 
- Дадаси, сизга нима бўлди?
Ёзнинг иссиқ кунлари эмасми, кечаси билан ухламаган Мардон тушлик маҳали ухлаб қолибди.
- Ҳеч нима, сал босинқирадим шекилли. 
Мардон қанчалик виждон азобидан қийналмасин, кўрганларини ички ишлар идорасига бориб рўй-рост айтишга журъати етмасди. 
***
- Ҳа, Рўзи, яхшимисан? - бироз тушкун кайфиятда Рўзи билан сўрашган бўлди Қулмат.
- Раҳмат, ўзингиз тинчмисиз?
- Кайфиятим йўғроқ. Шоди аканинг набираси билан яна тортишиб қолдим.
- Нимага шулар билан ҳеч чиқиша олмайсиз-а. 
- ....
- Адашмасам икки йилдан бери шу машмашалар давом этаяпти?!
- Нима қилай, ҳар ичганимда уни ўйласам.
- Болани ҳам тушуниш керак. Ахир, минг қилса ҳам унинг онаси-да. Сиз онасига гапирасизу, у индамасдан турсинми? Ўтган гал ҳам қаттиқ жанжал бўлганди шунинг устида. Ёшингиз бир жойга бориб қолган бўлса. Менимча, бу қилиқлар сизга ярашмайди.
- Уни яхши кўраманда.
- Эри ўлиб кетган бўлса ҳам, у бировнинг хасми.
- Э, қўй, менга насиҳат қилма, ундан кўра юр, бир мазза қилиб ичайлик.
Рўзи аканинг ҳам ичкиси келиб турган эканми, бирдан рози бўлиб қўя қолди. Табиатан жуда кўнгилчан, шеъриятга ҳаваси бор Рўзи ака қишлоқ мактабида адабиёт фанидан дарс берар, ҳеч бир кунини шеъриятсиз тасаввур қила олмас эди. Бироқ нима учундир жуда кўп ичарди. 
Ўша машъум воқеа содир бўлган куни ҳам улар жуда кўп ичишди. Кайфлари роса ошиб қолгандан кейин "ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек яна Шоди бобоникига боргилари келиб қолди. Кун ҳам анча қайтиб қолган, ёз ҳавоси бўлишига қарамасдан атрофга тун қоронғулиги чўккан эди.
- Ул гўзал васли мани хор айлади,
Унга етишмоқ илинжи мани бор айлади.
Бир бор кўришмоққа жоним фидо қилдим,
Муҳаббат дардида буткул адо бўлдим.

Рўзи аканинг беўхшов шеърига Қулмат хохолаб кулар, бир-бирини суяганча қишлоқ кўчаларини мақсадсиз кезишарди. Шу алфозда кечгача юришди ва Шоди боболарникига қараб йўл олишди. 
- Нафиса, чиқ буёққа, мен сени яна кўргани келдим, - сим девор ортидан уйга қараб бақирди Қулмат.
Уй эгалари уйқуга кетишган, бу каби безовталиклар кунда, кун ора содир бўлаверганидан тоқатлари тоқ бўлганди. 
- Эй худо, бу нима кўргулик, - Нафиса шармандаликдан йиғлаб худога ёлворди. Сенга нима ёзганим бор эди? Фарзандларимнинг олдида нима деган одам бўлдим?
- Аяжон, мараз яна келдими дейман-да. Жонимга тегди. Бориб туғилганга пушайман қилиб ўлгудай дўппослайман.
- Қўй, кераги йўқ. Ҳозир кетишади. Кайфлари бор. Даданг бўлганида бу кўргуликлар бошимизда йўқ эди.
Дилшод деразани очиб Қулматга бақирди:
- Йўқол, мараз. Бизни тинч қўй.
- Онангни менга бер. Иккинчи хотин қилиб олай,- безбетларча Дилшодга қараб гапирди Қулмат. Сени ҳам ўзим уй-жойли қиламан. 
Ёш Дилшод шу пайтгача Қулматнинг қилғилиқларига чидаб келган эди. Бироқ бу гапидан кейин ўзини йигитлик ғурури топталгандек ҳис қилди. 
- Мен сенга кўрсатиб қўяман ҳозир. 
Шундай дея Дилшод ертўлада турган ов милтиғини олиб сочма ўқларни яхшилаб жойлади ва милтиқни дераза дарчасидан Қулматга қаратиб, жаҳл устида тепкини босиб юборди. Ой ёруғи тушиб тургани учунми ўқ бехато бориб, Қулматнинг қорни аралаш кўксининг нақ тўрт жойига бориб санчилди. 
- Вой, вой ўламан. У мени отиб қўйди. Ичкилик ва оғриқнинг зўридан Қулмат бор овозда бақирди.
Милтиқ овозидан Рўзи ака ҳам нима бўлаётганини англамай қолди. Юраги қинидан чиқиб кетди. Хаёлида ўқ унга ҳам теккандай бўлди. Ахир улар шундоққина ёнма-ён турган эди. Иккисининг ҳам кайфи тарқаб, орқаларига қарамай қоча бошлади. Тўрт жойидан ўқ тешиб ўтган Қулмат кўпам юра олмади. Рўзига суяниб мактаб ҳовлисигача етиб келди. Жон бераётганда йиқилаётиб Рўзининг дўпписини тушириб юборди ва гурсиллаб ерга йиқилди.
- Мени қутқар Рўзи.
- Мен ҳозир келаман, Қулмат, бироз шошмай тур.
Бундай бўлишини кутмаган Рўзи бутунлай қўрқиб кетган эди. У шу кетганича қайтиб келмади. Бу вақтда Мардон ҳам воқеаларга гувоҳ бўлиб турган, у ҳам ҳудди Рўзига ўхшаб ярадор, заиф Қулматга ёрдам бермасдан ташлаб кетди.
- Нима қилиб қўйдинг, ўғлим?!
Дилшод ҳам жаҳл устида нима қилиб қўйганини кейин англаб етди. Ўғлининг қамалиб кетишидан қўрққан Нафиса тонггача уни шаҳарга жўнатиб юборди.
Ички ишлар ходимлари Рўзини тинимсиз сўроқ қилишар, уни сен ўлдиргансан, дея бўйнига қўймоқчи бўлишарди. Хулоса ҳам кўп куттирмай сўзини айтди. "Қулмат ўн олти калибрли ов милтиғидан сочма ўқларда отиб ўлдирилган”. Шундай бўлса-да, Рўзини тинч қўйишмади. Қулматга ёрдам бермасдан қочиб кетганликда, воқеага гувоҳ бўла туриб, ҳеч қаерга айтмаганликда айблаб суд қилишди. 
Қишлоқ аҳлининг оғзига элак тутиб бўлмайди. "Рўзи қандай яхши инсон эди, қандай яхши ўқитувчи эди. Ўзига ўзи қилди. Ёш умрини хазон қилди. Ёмонга яқинлашсанг, қораси юқади” каби гаплар болалаб кетди. Рўзи кунда кунора туман марказига кўрсатма бериш учун қатнар, буни кўрган Мардон эса виждон азобида қийналиб, бутунлай ўзини олдириб қўйди. 
Кунларнинг бирида Рўзи шармандалик ва туҳматларга чидай олмай, ўз жонига қасд қилди. 
- Эшитдингизми дадаси, Рўзи муаллим ўзини ўлдирибди. 
***
Орадан кўп ўтмай ҳамқишлоқлари Мардонни эсидан оққан ҳолатда тез-тез кўчада кўрадиган бўлишди.

Муаллиф: Ўткир Ўсаров

Manba: www.BePuL.NeT -Saytdan olindi.



Нравится





REKLAMA QO'YILADI
Категория: HIKOYALAR / ХИКОЯЛАР | Просмотров: 631 | Добавил: Bepul_net | Теги: HAYOTIY HIKOYALAR, хикоя, Hikoya, ХАЙОТИЙ ХИКОЯЛАР, хикоялар, хадислар, bo'lgan voqealar, Hikoyalar, булган вокеалар, xadislar | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск

-------
FOYDALI MASLAHATLA











Мини-чат
BEPUL REKLAMA
1 UMMON GURUHI Rasmiy ...
Пришли на сайта156 Ушли с сайта101 репутация сайта0.0
2 Diana Gafarova Rasmi...
Пришли на сайта194 Ушли с сайта157 репутация сайта0.0
3 Автомобилестроение
Пришли на сайта175 Ушли с сайта81 репутация сайта0.0
4 OZBEK SHOU BIZNESI Y...
Пришли на сайта145 Ушли с сайта133 репутация сайта0.0
5 SAYYOD.COM
Пришли на сайта195 Ушли с сайта258 репутация сайта0.0
6 WWW.VOYDOD.UZ
Пришли на сайта274 Ушли с сайта113 репутация сайта0.0
7 VOYDOD.NET
Пришли на сайта214 Ушли с сайта129 репутация сайта0.0
8 Shahzoda.UZ
Пришли на сайта168 Ушли с сайта109 репутация сайта0.0
9 Мультимедиа
Пришли на сайта166 Ушли с сайта68 репутация сайта0.0
10 MP3UZ.NET
Пришли на сайта189 Ушли с сайта77 репутация сайта0.0

>>> REKLAMA QO'SHISH
Календарь
«  Ноябрь 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930
Архив записей
Друзья сайта
y
Copyright BePuL.NeT / БеПуЛ.НеТ © 2024 - 2013

Конструктор сайтов - uCoz