Меню сайта
Категории раздела
Бесплатные анимационные смайлики для одноклассники.ру [0]
YANGILIKLAR / ЯНГИЛИКЛАР / HABARLAR / AXBOROT [3]
HIKOYALAR / ХИКОЯЛАР [70]
SEVGI HIKOYALARI / СЕВГИ ХИКОЯЛАРИ / AYANCHLI SEVGI HIKOYALARI [78]
Любовные истории, истории любви, рассказы о любви [98]
FUTBOL YANGILIKLARI / Новости футбола [3]
SHOU BIZNES YANGILIKLARI / ШОУ БИЗНЕС ЯНГИЛИКЛАРИ [23]
YULDUZLAR BIOGRAFIYASI / ЮЛДУЗЛАР БИОГРАФИЯСИ [11]
DUNYO YANGILIKLARI / ДУНЁ ЯНГИЛИКЛАРИ [7]
O'ZBEKCHA KINOLAR / УЗБЕКЧА КИНОЛАР [0]
Смотреть онлайн бесплатно в хорошем качестве / Фильмы HD онлайн смотреть [4]
HIND KINOLARI ONLINE / Индийские фильмы онлайн [1]
TURKCHA SERIALLAR / ТУРКЧА СЕРИАЛЛАР / Турецкие сериалы онлайн на русском языке. Смотреть турецкие [0]
MOBIL TELEFONLAR UCHUN / МОБИЛ ТЕЛЕФОНЛАР УЧУН [1]
Foydali maslahatlar / Полезны советы [102]
Заработок в интернете / Pul ishlash [0]
Pazandachilik / Кулинария [0]
BAXS - TORTISHUV / FIKR MULOHAZA [159]
BEPUL MP3 KO'CHIRIB OLISH / БЕПУЛ МП3 КУЧИРИШ [1]
SEVGI HIKOYALARI / СЕВГИ ХИКОЯЛАРИ / AYANCHLI SEVGI HIKOYALARI [0]
YANGI KINO FILMLAR










Статистика

ss

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2013 » Ноябрь » 24 » TANISH KABUTARLAR
14:19
TANISH KABUTARLAR
Бу ерда кимлар бўлмаган...
Қора мойга беланган шпаллар нималарни эшитмаган...
Оҳ-фарёд, ҳайқириқ, қувонч билан айтилган ҳар бир сўз ҳудди қора мой сингари ана шу йўл, ана шу кўҳна бино бағрига сингиб кетган. Йўл ҳам, бино ҳам жонсиз. Аммо у кўп воқеаларнинг гувоҳи. Даҳшати кишини ларзага келтирувчи ҳар қандай воқеа ҳам улар учун паровоз қичқириғидай оддий бир нарса бўлиб қолган.
Шунинг учун ҳам бу мунғайган бино, қорамойга беланган йўл жим...

Биринчи ҳикоя: 1942 йил.

Асқархўжаникида тўй тарқаши билан Нафиса ўғлига аза очди. "Қўшнимнинг тўйига зомин бўлмайин”, деб қорахатни яшириб, ёниб-куйиб юрган она қалбида йиғилиб қолган дардини энди йиғи билан чиқарарди. 
Ҳозиргина тўйхонадан чиққанлар, энди қўшни эшикка азага кирдилар...
Полвон тоға фотиҳага келганларни ўзи кутди. Муборак ҳам Нафисага далда бериб ўтириб, қош қораймай уйига қайтди. Ўнг қўшниникидаги тўй, чап қўшниникидаги аза ташвишлари охирига етди. Шом азони ҳамма нарсага барҳам берди. Одамларнинг қувончлари ҳам киприкдаги ёшдай омонат бўлиб қолган эди. Хурсандчилик ҳеч ерга ўз ҳукмини мутлақ ўтказа олмас, изма-из қувиб юрган ғамга жойини бўшатиб кетишга мажбур бўларди. 
-Дунёнинг ишлари шу эканда... ишқилиб, Аллоҳим кўпнинг қаторида Нарзимни ҳам ўз паноҳида асрасин,-деб қўйда Полвон тоға.
-Айтганингиз келсин,-деди Муборак. Кейин кўча эшик томон тикилди:-қаранг-чи, кимдир турганга ўхшаяпти.
Полвон тоға бир йўталиб олиб: "Кимсиз, келовринг”, деб қўйди. Эшик томондан қиз боланинг "менман, Полвон тоға”, деган синиқ овозини эшитиб, "ўзинг қарай қоласанми?” деган маънода аёлига савол назари билан боқди. 
-Келовринг, қизим, тортинманг,-деди Муборак ўрнидан тураётиб.
Қиз супага яқинлашиб салом берди-да, кўрпачанинг четига омонатгина ўтирди. Бир вақтлар у Полвон тоғадан ҳайиқарди. Нарзи "дадам кўриб қолмасинлар”, деб ҳадиксирагани ҳадиксираган эди. Фақат бир марта... Нарзи урушга жўнаётгани куни Нозик қўрқмади. Билишса билишар, деб Нарзининг ёнига келди. Келишга келди-ю, лекин уятдан юзлари ёниб, ерга қараб олди. Қариндошлари билан хайрлашаётган Нарзи Нозикдан бир нарса кутгандай унга умидвор кўз билан тез-тез қараб қўйган эди.
Нозик Полвон тоғага ўшандан бери рўпара бўлгани йўқ. "Полвон тоға ўшанда мени кўрганмидилар?... Балки... эсларидан чиқиб кетгандирман...” Нозик шу хаёлда бошини қуйи эгиб ўтирарди.
-Қизим, тинчликми?-деб сўради Полвон тоға, аёли билан кўз уриштириб олгач.
Бир дақиқагина хаёл оғушига шўнғиган Нозик чўчиб, тоғага қаради. Гапни нимадан бошлашни билмай, тараддудланди.
-Тинчлик, тоға... Ҳм... ҳалиги... ўғлингиздан... Назрулла акамдан хат келмадими?
Дабдурустдан берилган бу саволдан ажабланган эр-хотин бир-бирларига қараб олишди.
-Бир ҳафта бўлди шекилли, а, Нарзи?-деб сўради Полвон тоға хотинидан.
-Бир ҳафтадан ошди, саккиз ярим кун бўлди,-деб аниқлик киритди Муборак.
-Нимага сўраяпсиз, қизим, тинчликми?
-Бизга хат келмай қолди.
-Кимдан, Нарзиданми?
-Йўқ... акамдан. Улар урушга бир кунда кетишган эди...
-Сабр қилинглар, келиб қолар. Нарзимдан бир ойча хат олмадик. Ўғлимни Худойим асрабди, қўлини ўқ таталаб ўтганмиш. Айтиб туриб, бировга ёздирибди. Хати бошқа бўлса ҳам., гаплари ўша-ўша.
-Ҳа, менинг ўғлим қизиқ гапларни топишга уста,- Муборак бу чиройли қиз олдида ўғлининг мақтовини келтириб, ошхона томон юрди.
Аёли нари кетиши билан Полвон тоға қизга синовчан тикилди:
-Қизим, ҳавотирингизни кўзингиз айтиб турибди. Яширманг. Бугун айтолмасангиз, эртами- индинми, барибир айтасиз. Нарзи омонми? Холангиз йўғида тўғрисини айтовринг, омма у эшитмасин, юраги чатоқ.
Нозик Полвон тоғага бир қараб олди-да, сўнг нигоҳини узумзорга тикиб, тез-тез гапира бошлади:
-Менга хат ёзибдилар... "Уйга бормайман...” дебдилар.
Нозикнинг овози титради. Полвон тоға унга ҳайрат билан тикилди:
-Нега?
-Кўзлари... кўзлари кўрмаётганмиш...
-Ё, қудратингдан!
Полвон тоға паст овозда бир нималар деди, лекин Нозик эшитмади. Полвон тоға бошини эгиб бир пас жим қолди. 
-Мен эртага кетяпман,-деди Нозик.
-Қаёққа?
-Бокуга. Ўша ердаги госпиталда эканлар. Олиб келаман.
Муборак бир чинни косада таом кўтариб қайтди:
-Қизим, тўйдан насиба, олинг.
-Раҳмат холажон, қорним тўқ...
-Бир чимдим бўлса ҳам олинг. Насиба-да. Худойим ҳаммани тўйга етказсин.
...Бурилишда пишқириб паровоз кўринди. Орқадан таниш овоз эшитилди:
-Қизим...
Нозик ўгирилди. Полвон тоға унга тугунча узатди:
-Ўғлимни сизга, сизни Худога топширдим. Нарзига айтинг: кўнгли чўкмасин. Омон қайтса Худога шукурлар қиламиз. Бор бахтимиз ҳам ўша. Бекорчи хаёлларга бориб биз бедаволарни бебахт қилмасин.
Поезд бу бекатда икки дақиқагина тўхтади. Кейин чуқур "уф” тортиб, жўнаб кетди.
"Шундай қиз яхши кўраркан, Нарзи мендан нега яширди? Айтганида урушга кетмай туриб уйлантириб қўярдим-а... Бошимизга бахт қуши қўниб турган экан-у... билмапмиз. Ажаб... Худойим, ўзинг меҳрибонсан, энди бу қушни учириб юбормагин...Нотавон бандаларингга раҳминг келсин...”
...Назруллага зулукдай от беришди. Ҳудди ўзининг қорабайирига ўхшайди. Ман-ман деган чавандозлар ҳам унинг шу отига тан беришган эди. Мана ўша оти. Йўқ, бу эмас, бунинг пешонасида оқ қашқаси йўқ. Оёғи ҳам унча ингичка эмас, аравага қўшилганга ўхшайди, яхши чополмайди. На илож, урушда яхшисини танлашга вақт йўқ. Назрулла чаққонлик билан эгарга ўтирди-ю, отга қамчи босди. Жонивор елдек учди.
-Яхши чопаркан,-деб ўйлади Назрулла.-Лекин совутиш керак. Нима бу? Жарликми? Дирр!
От ҳам Назрулла ҳам пастликка шўнғиди...
Унинг юзларини таниш қўл силади.
-Ким бу?
-Менман...
-Нозик?!
Бу бекат Полвон тоға билан Муборак холани бошқа кўрмади. Нозик билан Назруллани ҳар йили кузатади, кейин кутиб олади. Аввал улар икки киши эдилар, кейин учта бўлишди, сўнг эса тўртта...

Иккинчи ҳикоя: 1961 йил

Бекатдаги сув дўкони икки кундан бери очилмайди. Учинчи куни хизматчилар орасида шивир-шивир тарқалди:
-Лолахон ўлиб қолибди...
-Қачон?
-Икки кун бўлибди...
Бу гап-сўзларга биргина фаррош эътибор бермади.
-Аллоҳнинг қудрати,-деб қўйди.
Пешинга яқин бекат кўчасидан ўн – ўн беш киши тобут кўтариб ўтди. Фаррош оқсоқланиб бориб, тобутнинг бир томонини кўтарди. Пичирлаб дуо ўқиди, кейин тобутни бошқа киши елкасига олгач, сафдан чиқиб, юзига фотиҳа тортди-да, бекат томон юрди.
Тепасига паранжи ташланган тобут ичида ким ётганини у билади.
Ўша йиллари ҳам у фаррош эди. Бекат биноси қад кўтарганидан бери шу хизматда.
Дастлаб сув дўкони очилиб, дуркунгина қиз Лолахон ишга келганида уни кўриб, кўп йигитлар қатори унинг ҳам юраги "жиз” этиб қўйган эди. Лекин... "биздек чўлоққа йўл бўлсин”, деб қизга яқин йўламас, шилқимлик қилмасди. Аввал Сарварга ҳасад билан қараб юрди.Бу йигитнинг бекатда ҳар куни ўралашиб юриши бежиз эмаслигини билди. Бир куни баҳор офтобида мудраб ўтирганида Сарвар унга салом берди. Ёнида ясаниб олган дўсти. Иккови ҳам бир ҳилдаги икки саман отни миниб олишган.
-Мансур ака, тўйга айтиб келдим, бирга бўлинг. Якшанба куни эрталабдан бораверасиз.
Мансур унга бўлган ҳасадини яширишга уриниб, базўр жилмайганича қутлади. От устида мағрур ўтирган елкадор бу йигитга қараб: "бахти кулган экан, бошига дўппи, белига белбоғ ярашаркан”, деб қўйди. Келин боланинг кимлигини сўрамади. Сарварнинг Лолахонга уйланаётганига амин эди. Янглишмади.
Шундан сўнг бу бекатда Сарварни яна икки марта кўрди. У Сарварни авваллари кўп маротаба кўрган бўлса-да, уч учрашув хотирасига муҳрланиб қолган эди. Шулардан бири – от устида кулимсираб ўтирган Сарвар. 
Иккинчиси...
Ёзда уруш бошланди.
Кузда Сарвар билан учрашди. Ёнида Лолахон. Кўзлари қизарган. Бошини Сарвар акасининг елкасига қўйиб хомуш турарди. Сарвар Мансурни кўриб негадир жилмайди. Бу от устида ўтириб тўйга айтган йигитнинг жилмайиши эмасди.
Ҳамма ўзи билан ўзи овора эди. Мансур секингина ўзини четга олди. Унинг вазифаси йигитларни кузатиш эмас, одамлар тарқалганидан кейин супуриб-тозалаш.
Поезд ўрнидан жилди. Уфқда қуёш – гўё қип-қизил баркаш, осмон этагига омонатгина осилиб турарди. Поезд қуёшни мўлжалга олгандай тўғри ўша томон юрди. Бора-бора қуёш бағрига кириб кетди – кўринмай қолди. Мансур шунча йил бекатда ишлаб, бундай манзарага эътибор бермаган экан.
"Тавба, қуёш ютиб юбордими?”,-деб қўйди у ўзича.
Мансур билан Лолахон ўртасида салом-аликдан бошқа алоқа йўқ эди. Фаррош индамай юргани билан аёлни зимдан кузатарди. Шунинг учун ҳам китель кийган, бақбақаси осилган, беўхшов қорин қўйган кишининг сув дўкони атрофида айланишиб юрганини дарров сезди. Лолахон кўзга яқин, кўркамгина жувон бўлган эди. Унинг ҳаёти, ҳусни айни баҳор палласини бошдан кечираётган эди. Мансурнинг наздида у ўзини асрай олмади: нобоп шамолга учради. Сув дўкони атофида юрган беўхшов семиз киши лобар аёл баҳорини хазон қилгувчи аямажуз эди.
Орадан бир ярим йилча вақт ўтган эди...
Тушга яқин поезд келиб тўхтади. Ҳарбий кийимдаги бир қиз Мансурни чақирди:
-Ҳой амаки! Амаки, дейман, бу ёққа келинг, қарашиб юборинг.
Замбилдаги одам Мансурга таниш кўринди. Юзидаги чандиқларни ҳисобга олмаганда Сарварнинг ўзи эди.
-Мансур ака, ассалому алайкум, танимаяпсизми? Сарварман...
-Сарварбек! Омонмисиз, биродар?..
Мансурнинг кўришмоқ учун узатган қўли ҳавода муаллақ қолди. Сарвар ҳазин жилмайди. Унинг бу жилмайишида қандайдир алам, ўкинч бор эди. Мансур буни сезди. Этлари жимирлашиб кетди.
-Шунақа бўлиб қолди, Мансур ака. Қўл-оёқларни Сталинградга ташлаб келяпмиз.
-Ё алҳазар! Ишқилиб, бошингиз омон экан, шунисига шукур! Мен ҳозир, биродар... ҳозир...
Мансур шундай деб, шох ташлаганича югуриб сув дўконга борди:
-Лолахон, синглим, суюнчи беринг: Сарварбек келдилар!
Лолахон бу хушхабарга ишонқирамай сўради:
-Ким дедингиз?
-Сарварбек, ўртоғингиз...
Сарвар замбилда ётганича, ўша аламли жилмайиш билан хотинини қарши олди. Лолахон бир нарсадан чўчигандай замбил яқинида тўхтади.
-Сарвар ака?..
-Лолахон... мана...
Лолахон аста тиз чўкди. Чойшабнинг бир учини аввалига чўчибгина кўтарди. Кейин қандайдир куч уни мажбур қилгандай, чойшабни буткул очиб юборди-да, даҳшат билан қичқириб, ўрнидан турди. Орқага тисарилди.
-Йўқ, йўқ!- у шундай деб нидо қилганича ҳарбий кийимдаги ҳамширага юзланди:-Эримни қандай олиб кетган бўлсаларинг менга шундай қайтарасанлар.! Йўқ, йўқ! Энди у одам бўлмайди. Э, Худойим, пешонам шунчалар ҳам шўр бўладими, а?!
У ўкраб-ўкраб йиғларди. Мансур ҳам, ҳамшира ҳам унинг овунишини кутиб жим туришарди. Сарвар лабини тишлаб олган, кўз ёшларини тия олмасди. Лола овунмади:шашт билан бурилиб, югуриб кетди. Унинг бу йиғиси Сарвар урушга кетаётгандаги йиғисига сира ўхшамас эди.
Сарварни тиббий машинада қаергадир олиб кетишди.
Мансур уни бошқа кўрмади.
Сув дўкони атрофида турли-туман эркаклар кўп айланишадиган бўлишди.
Мансур Лолахон билан салом-аликни йиғиштирди.
Ўшандан кейин неча марта баҳор келди. Мансурнинг сочига оқ оралади. Соғ оёғидан ҳам қувват кетди. Ишини яримламай туриб оёғи санчиб оғрий бошлади. Супургисини судраб бориб, бекатга кираверишдаги ўриндиққа ўтирди. Шу ерда ўтирган киши унга бир қараб олиб, салом берди.
-Танимадингиз, а?-деб сўради.
-Кўзимга иссиқ кўриняпсиз-у, эслолмаяпман, қаричиликда, биродар...
-Уруш бошланган йили дўстим билан шу ерга келиб сизни тўйга айтган эдик.
-Ким билан?
-Сарвар билан. Келин сув дўконида ишларди, эсладингизми?
-Ҳа, ҳа. ёдимга тушди. Икковинглар саман отда эдинглар. Хўп ярашган эди-я!
-Қойилман, хотирангиз зўр экан.
-Сарварбек... омонмилар? Ҳозир қаердалар?
-Тошкентда. Ҳозир унинг олдига кетяпман. Эртага диссертация ёқлайди.
-А, лаббай?
-Олим бўляпти ошнам.
-Бир ўзига қийиндир?
-Нега бир ўзи бўлади, оиласи бор. Ўғли ҳам катта йигит бўлиб қолган. Биринчи хотини ҳалиям шу ерда ишлайдими?
-Қаерга ҳам борарди...
...Ана шу Лолахон икки кун илгари ўлибди. Мурда икки кун қаровсиз қолибди. Кейин савобталаб қўшнилар уни қабрга қўйиб келишди. Ҳассакаш ҳам йўқ, уйда аза очувчи ҳам йўқ.
Бу воқеага бир одам гўё фарқсиздай...
...бекат биноси ҳам миш-мишларга парво қилмайди. У аввалгидай мунғайиб турибди...

Учинчи ҳикоя: 1985 йил

Олтинчи купенинг эшига ҳалигача ёпилмаган, чироғи ҳам ўчирилмаган эди. Купега кетма-кет кириб келган иккала йўловчи ҳам бош қимирлатиб саломлашганича ҳали бир-бировларига сўз қотишгани йўқ. Вагоноғаси ташлаб кетган чойшаб, сочиқ, ёстиқжилд тахи бузилмай ётибди.
Норбўта аввалига қўлидаги газеталарга кўз югуртирган бўлди. Унинг нигоҳи сатрларда бўлса-да, хаёли бўлак фикрлар билан банд эди:
"Қорайибди, озгина тўлишибди. Ҳусни илгаригидан ҳам очилибди. Мен у билан саломлашдим. У нима учун индамай кетяпти? Гапиришни истамаяпти? Ё ўзим сўз бошлайми? Нима дейман? Силтаб ташласа-чи?..”
Марғуба дераза оша ташқарига тикилиб ўтирибди. Бу ўтириш ўзига ҳам ноқулай туюлдими, ялтироқ қора сумкачасидан китобча чиқариб, ўқишга тутингандай бўлди. Китобчани у ўқиб битирган, аммо ҳозир сатрларга кўз тикиб ўтиришдан ўзга чора тополмаганди.
"Қаёққа кетяпти? Уйигами? "Институтда омади юришмади”, дейишган эди. Шу тўғримикин? Қизиқ, нимага индамаяпти? Атайин қиляптими ё гапиришга юзи чидамаяптими? Ҳеч ўзгармабди. Қишлоғига бораётган бўлса яна саккиз соат юрамиз... Нега гапирмайди?..”
Норбўта жувон нигоҳининг бир саҳифадан узилмай турганини сезди. Енгил йўталиб, ўрнидан турди.
-Жойингизни солиб ётинг, мен йўлакка чиқиб тураман. Чарчаганга ўхшайсиз,-деди.
-Йўқ, йўқ,-деди жувон шошиб,-безовта бўлманг. Мен барибир поездда ухлай олмайман. Сиз бемалол ётаверинг, мен чиқиб тураман.
-Мен ҳам поездда ухлай олмайман...
Яна жойларига ўтиришди. Яна жим қолишди.
-Ҳали ҳам ўша ердамисиз?-деди Норбўта бир зумдан сўнг.
Марғуба "қаердалигимни ростдан билмайсизми?” дегандай унга бир қараб олди. Норбўта биларди, лекин айни дамда гап бошлашга ўзга баҳона топа олмади. Марғуба унинг ҳамма нарсадан бехабар эканига ишонгандай бўлиб жавоб қайтарди:
-Ҳа, ўзингиз билган ўша мактабдаман.
-Директор ҳали ҳам Расул акамилар?
Марғуба энди унга "наҳот билмасангиз?” деган маънода ошкора ажабланиб қаради:
-Йўқ... у киши оламдан ўтдилар...
Норбўта жувоннинг нигоҳига дош беролмай пастга қаради.
"Устозининг тақдирига шунчалар бефарқми?” деб ўйлади Марғуба. Институтда ўқиб юришганида Норбўта Расул акани кўп эслаб: "Устоз бўлмаганларида мен бу ерга ўқишга келолмасдим. Менга руҳсат олиб бераман, деб раис билан аччиқлашиб олишган. Ўқиш битгач, ўзимнинг бағримга келасан, деб оқ фотиҳа бергандилар”, дерди. Алҳол, шу сўзлар йигитнинг ҳам жувоннинг ҳам хаёлидан ўтди.
Норбўта устози билан бўлган сўнгги учрашувни эслади. "Сенга буйруқ беролмайман, сенга менинг ҳукмим ўтмайди. Ўзингга етарли ақлинг бор. Кўнглингга қаер хуш ёқса ўша ерда бўлишинг мумкин. Лекин елкангдаги туз ҳаққини унутишинг мумкин эмас. Сендан ражимайман. Фақат... кўп йиллик умидимнинг юзига тупроқ тортиш менга оғирлик қиляпти...”
Улар сой бўйида, эски кўприкка етмасдан хайрлашишган эди. Кўзлари қисиқроқ, бурни япасқироқ, бироқ истараси иссиқ, сочларига оқ оралаган, оддий деҳқон каби кийиниб олган Расул ака... 
Норбўтанинг кўз олдида у энди шу кўринишда сақланиб қолади.
"Умидига мен тупроқ тортган эдимми? Энди барибир эмасми? Ахир ўзлари қоронғу ва зах ер бағридалар-ку?.. "Ўрнимга ўзинг директор бўласан”, дердилар. Қизиқ... ҳозир ким экан?”
-Ўринларига ким бўлди?-деб сўради Норбўта бир неча нафаслик сукутни бузиб.
-Ўғилой опа.
-Илмий мудирами? Унинг ўрнига-чи?
-Мен...
Норбўта буни кутмаган эди. Шунинг учун яна жим қолди. Лекин бу жимлик уни ноқулай аҳволга солиб, суҳбатни давом эттиришга ундади:
-Уйингизга тушувдингизми?
-Йўқ, уйга кириб-чиқишга вақт бўлмади. Москва поездидан тушдиму бунга чиқа қолдим.
Норбўта унга савол назари билан тикилиб, гапининг давомини кутди. Марғуба бу қарашнинг маъносини англаса ҳам кўзини олиб қочиб, индамади. Норбўта қайта сўрамади.
"Москвадан келяптими? Бирорта мажлисга борган шекилли? Ҳозир мактабда иш қайнайдиган пайт. Ўйнагани бормагандир... Севишиб, аҳд-паймон қилган кунларимиз эсидамикин? Ўпич бергани-чи? Эсидадир. Лекин энди бундан нима фойда? Энди у бошқа одам, мен бошқа одамман. Нима учун қишлоқда қолди? Менга ўчакишдими ё ростданам қишлоқ ёқиб қолдими? Ё шаҳарга қайтиб боришга юзи чидамадими? Қайтиб кетмагани учун балки ҳозиргача ўкинар? Нега ўкинади? Бахтли бўлса-чи? Турсун тракторчига теккани ростмикин? Тақдир қизиқ эканда... Унга менинг қишлоғим ёқди. Мен эсам унинг шаҳридан кўнгил узолмадим. Хато қилдимми? Ахир қишлоғига қайтишни истамаганлар озми? "Ҳаробгина ёзги кинотеатр, баҳорда пиллахона, кузда ҳашарчиларга бошпана бўлувчи "клуб” отли бостирма, чойхона... Булар ёшлик сурурига зид эмасми?” деган эдим унга. У эса: "Меҳр-чи” деганди. Қандай меҳрни назарда тутганди? Ота-онам ўлиб кетишган бўлса. Акаларим билан ота меросни бўлишолмай олишиб юришим меҳрга кирармиди? Хайрлашаётган пайтида кўзларида ёш бор эди. Менга ишониб қишлоққа келгани учун хафа эдими ё менинг шаҳарга қайтиб кетишим оғир ботганмиди? "Сиз ҳаммани норизо қилиб кетяпсиз. Қайтишни ўйлаяпсизми? Яна қайтиб келишга юзингиз чидайдими?” девди. "Юзингиз чидайдими...” Бу нима дегани? Ахир мен жиноят қилмадим-ку? Шаҳарда бахтимни синаб қайтдим. Илмда омадим юришмади. Изза чекишга лойиқ иш қилмадим. Фақат... олти йил қишлоғимга келолмадим...”
Марғуба яна китобга тикилди.
"У шон-шуҳратга интилди. Буни мен билмасмидим? Сезардим. Лекин эътибор бермагандим. Бир куни: "Омад эшигингни қоқиб турганда андишани ўйлаб пусиб ётмаслик керак”, деган эди. "Омад” деганда менга ҳам эгалик қилишни назарда тутганмикин? Унга кўнгил қўйишим омад бўлиб туюлгандир балки? У яхши спортчи эди. Дарсга нисбатан мусобақаларга кўпроқ қатнарди. Бунақа ўқишда билим саёз бўлишига ўзининг ақли етмадими? Билмагандир... Билса илмий ишни орзу қилармиди? Мен эсам тўғрисини айтолмадим... Институт раҳбарларига обрў олиб берувчи яхши спортчи керак эди. Спортчининг бутун умри шоҳсупаларда ўтмайди-ку? Пастга тушадиган пайти ҳам бўлади-ку? Унинг пастга тушадиган вақти етдими? Олти йил умрини ҳавога совурди. Хато қилганини энди англадими? Мен-чи? Мен хато қилмадимми? Уни севдим. Уни деб қишлоғига келдим. Ажаб, ўз қишлоғи кўзига хунук кўринди-я! Мен шаҳарга қайтмадим. Хатоим шуми? Йўқ. Мен унга кўнгил қўйиб хато қилган эдим...”
Вагоноғаси кириб унинг хаёлини бўлди:
-Қизим, истасангиз бўш купе бор, бирини очиб берайми?
-Бўш бўлса мен чиқа қолай,-деди Норбўта,-юклари билан овора қилмайлик.
-Шуниси ҳам маъқул. Қизим, сиз бафуржа дам олаверинг. Эрталаб уйғотиб қўяман.
Улар чиқиб кетишди. Марғуба эшикни қулфлаб, тўшакни ёйди-да, ёнбошлади. 
Вагоноғаси ваъдасига хилоф қилмай эрталаб эшикни тақиллатганда Марғуба тушишга тайёр турарди. У нарсаларини кўтариб, даҳлизга чиқди. Икки купе нарида турган Норбўтага кўзи тушди. Кўзлар тўқнашди. Бир-биридан сўз кутди. Икковидан садо чиқмади. Норбўта ўзини ичкари олиб, йўл бўшатди. Марғуба ўтиб кетди.
Марғуба вагондан пастга тушиб, атрофга аланглади. Норбўта вагон зинасига оёқ қўйганича ундан кўз узмай қараб қолди. Икки яшар қизчасини кўтариб олган эркак Марғубага яқинлашди. Жувон қизчани бағрига босиб ўпа кетди Норбўтанинг кўкрагини бир нарса куйдириб ўтгандай бўлди.
Бу бекатда поезд икки дақиқагагина тўхтарди. Тепловоз жилиш фурсати етганини маълум қилиб чинқирди. Норбўта пастга тушмай, орқасига қайтди.
-Ўғлим, тушмайсизми?-деб ажабланди вагоноғаси.
-Адашибман,-деди.Кейин қўшиб қўйди:-Ташвишланманг, ҳақини тўлайман.
-Ташвишланаётганим йўқ,-деди вагоноғаси, сўнг ҳазил қилди:-Ҳақини тўлайдиган бўлсангиз истаганингизча адашаверинг.
Поезд аста жилди. Қизчасини бағрига босган Марғуба, юкларини кўтариб олган эркак, мунғайиб турган бекат биноси ортда қолди.Буларнинг барчаси Норбўта учун гўё бегона эди...

***

Кўп сирларни бағрига сингдирган бекат ҳамон ўз ўрнида.
Соғинган юраклар уни кўрганда шодликдан ёнади.
Кимларгадир эса бегона...

Муаллиф: Тоҳир Малик

Manba: www.BePuL.NeT -Saytdan olindi.



Нравится





REKLAMA QO'YILADI
Категория: HIKOYALAR / ХИКОЯЛАР | Просмотров: 572 | Добавил: Bepul_net | Теги: HAYOTIY HIKOYALAR, хикоя, Hikoya, ХАЙОТИЙ ХИКОЯЛАР, хикоялар, хадислар, bo'lgan voqealar, Hikoyalar, булган вокеалар, xadislar | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск

-------
FOYDALI MASLAHATLA











Мини-чат
BEPUL REKLAMA
1 MP3UZ.NET
Пришли на сайта189 Ушли с сайта76 репутация сайта0.0
2 Автомобилестроение
Пришли на сайта174 Ушли с сайта80 репутация сайта0.0
3 Авто - купля/продажа
Пришли на сайта161 Ушли с сайта105 репутация сайта0.0
4 UMMON GURUHI Rasmiy ...
Пришли на сайта155 Ушли с сайта101 репутация сайта0.0
5 Мультимедиа
Пришли на сайта165 Ушли с сайта67 репутация сайта0.0
6 WWW.SAYYOD.NET
Пришли на сайта256 Ушли с сайта94 репутация сайта0.0
7 Diana Gafarova Rasmi...
Пришли на сайта192 Ушли с сайта157 репутация сайта0.0
8 Oybek va Nigora Rasm...
Пришли на сайта172 Ушли с сайта141 репутация сайта0.0
9 Shahzoda
Пришли на сайта174 Ушли с сайта46 репутация сайта0.0
10 WWW.BEPUL.NET
Пришли на сайта207 Ушли с сайта104 репутация сайта0.0

>>> REKLAMA QO'SHISH
Календарь
«  Ноябрь 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930
Архив записей
Друзья сайта
y
Copyright BePuL.NeT / БеПуЛ.НеТ © 2024 - 2013

Конструктор сайтов - uCoz