Меню сайта
Категории раздела
Бесплатные анимационные смайлики для одноклассники.ру [0]
YANGILIKLAR / ЯНГИЛИКЛАР / HABARLAR / AXBOROT [3]
HIKOYALAR / ХИКОЯЛАР [70]
SEVGI HIKOYALARI / СЕВГИ ХИКОЯЛАРИ / AYANCHLI SEVGI HIKOYALARI [78]
Любовные истории, истории любви, рассказы о любви [98]
FUTBOL YANGILIKLARI / Новости футбола [3]
SHOU BIZNES YANGILIKLARI / ШОУ БИЗНЕС ЯНГИЛИКЛАРИ [23]
YULDUZLAR BIOGRAFIYASI / ЮЛДУЗЛАР БИОГРАФИЯСИ [11]
DUNYO YANGILIKLARI / ДУНЁ ЯНГИЛИКЛАРИ [7]
O'ZBEKCHA KINOLAR / УЗБЕКЧА КИНОЛАР [0]
Смотреть онлайн бесплатно в хорошем качестве / Фильмы HD онлайн смотреть [4]
HIND KINOLARI ONLINE / Индийские фильмы онлайн [1]
TURKCHA SERIALLAR / ТУРКЧА СЕРИАЛЛАР / Турецкие сериалы онлайн на русском языке. Смотреть турецкие [0]
MOBIL TELEFONLAR UCHUN / МОБИЛ ТЕЛЕФОНЛАР УЧУН [1]
Foydali maslahatlar / Полезны советы [102]
Заработок в интернете / Pul ishlash [0]
Pazandachilik / Кулинария [0]
BAXS - TORTISHUV / FIKR MULOHAZA [159]
BEPUL MP3 KO'CHIRIB OLISH / БЕПУЛ МП3 КУЧИРИШ [1]
SEVGI HIKOYALARI / СЕВГИ ХИКОЯЛАРИ / AYANCHLI SEVGI HIKOYALARI [0]
YANGI KINO FILMLAR










Статистика

ss

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2013 » Ноябрь » 22 » Cардор Раҳимхон: “Кутган одамларим оғир кунда кўнгил сўрашга ярамади...”
20:04
Cардор Раҳимхон: “Кутган одамларим оғир кунда кўнгил сўрашга ярамади...”
"Энди мен журналист” лойиҳасида дилидагиларни очиқ-ойдин айтишга шайланган сўнгги қаҳрамон — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор РАҲИМХОН.

Хонандадан интервью олиш учун унинг дўсти — актёр, хонанда, режиссёр ва айни кунда футболда фаолият юритаётган Алишер УЗОҚОВни таклиф этдик...Алишер Узоқов, актёр: — Шахсан менинг яхши-ёмон кунимда бирга бўладиган, кўнглимга яқин дўстларим кам. Шу бармоқ билан санарли дўстларим қаторида Сардор Раҳимхоннинг ҳам алоҳида ўрни бор. У жуда оқибатли, оилапарвар ва касбини севадиган ижодкор. Респондентим Сардор бўлгани учун ҳам лойиҳада иштирок этишга розилик билдирдим. Бугунги учрашувимиздан дўстим ўзига керакли хулосалар чиқариб олишини ва суҳбатдан қўнгли тўлишини истайман.
— Дўстим, суҳбатни бошлашдан олдин саволларимдан хафа бўлмаслигингни сўрамоқчиман. Борди-ю, ўрнингда бошқа ижодкор бўлганида юзаки, сийқаси чиққан саволлар билан чекланардим. Сени огоҳлантирганимдан газетхонлар тушунишдики, оддий суҳбат бўлмайди ва Худо хоҳласа, улар сарфлаган вақтига ачинишмайди!
— Газетани сотиб олган пулига ҳам! Суҳбатни бошладик, унда.
— Санъатга қадам қўйган ҳар бир ижодкорга ўз ўрнини топиш ҳамда уни йўқотиб қўймаслик бахти насиб этавермайди. Бу сен учун қай даражада қийин ва муҳим? Унвон ва мухлислардан бошқа нимага эришдинг?— Элга танилишдан кўра, сенга бўлган талабни ушлаб туриш қийинроқ. Кундан кунга янги, истеъдодлар чиқяпти. Шу сабаб, улар билан "ринг”га чиқиб, ижобий маънода курашишга тўғри келади. Муҳимликка келсак, бу мендан кўра атрофимдаги инсонларга зарурроқ. Хонандалик орқали эришган машҳурлигим ортидан жуда кўп зарбаларга дуч келдим. Ўша пайтларда "шу менга керакми?” деган саволни ўзимга-ўзим бера бошладим. Ва мухлисларим, ота-онам, яқинларимнинг менга бўлган ишончи, орзу-умидлари, кўзидаги қувонч касбимда ўз ўрнимни сақлаб туриш билан бевосита боғлиқ-ку, деган жавоб топдим. Демакки, эришган ютуқларим куч бағишлаяптими, ярим йўлда қолиб кетмай, бундан-да юқори марраларни забт этишга интилишим шарт! Очиғини айтганда, санъатда эришганларим, қурбонликларимга арзимайди!

— Жавобингдан юз фоиз қониқмадим. Айтмоқчи бўлганим, машҳурликка эришгач, Санжар Раҳимовдаги нималарнидир йўқотишга мажбур бўлгансан. Ўз вақтида мен ҳам буни бошдан ўтказганман, бусиз бўлмайди!   
— Тан оламан, рафиқам ва фарзандларим билан кўчада бемалол сайр қилолмайман. Қолаверса, касб нуқтаи назаридан ҳаловат, уйқу, улфатчиликдан воз кечганман. Охирги марта қачон чойхонага бориб, қадрдонларим билан ош еганимни эслолмайман. Санъатга қадам қўйганимнинг дастлабки, икки йилида мана шу ўйин-кулгига берилганим, ҳаётга енгил қарашим панд бергани рост. Ҳозирги кунда эса ижобий жиҳатларимдан бири — одамларга бўлган ишонч туйғусини йўқотдим. Ҳадеб хиёнат кўраверганим туфайли атрофимдаги исталган кишига шубҳа кўзи билан қарайдиган бўлиб қолдим.— Санъатда бугунги мавқега эришиш ортидан ижобий жиҳатларингни йўқотганингдан афсусланасанми? Бордию, ўша вақтда шундай бўлишини билганингда ҳам санъат соҳасини танлармидинг?
— Албатта, афсусланаман! Бироқ санъатга бўлган муҳаббат сабаб, барибир шу йўлни танлаган бўлардим. Рости, қурбонликлар бу даражада бўлишини тасаввур қилмагандим.
— Демак, афсусларинг  юз фоиз эмас экан!
— Янглишяпсан! Дунёқараши, фикрлаши ўзимники билан деярли бир хил одамлар ҳамда дўстларим — устоз санъаткор Озодбек Назарбеков, хонандалар Алишер Файз, Достон Убайдуллаев, Абдурашид Йўлдошев ва сендаги ижобий жиҳатларидан ўрнак олишга ҳаракат қиламан. Қисқаси, тасаввуримдаги санъатни ўз атрофимга йиғишга ҳаракат қиламан.                


— Мухлислар сен учун ким?— Санъаткорнинг ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга инсонлар. Улар бўлмаса, биз ҳеч ким эмасмиз! Мухлислар гўё оила аъзоларингдек бўлиб қолади ва улар учун ҳам яшашни, ижод қилишни бошлайсан. Мухлислар ҳам икки тоифага бўлинади: вафодор ва бевафо. Худога шукрки, ашаддий мухлисларим бисёр!— Санжар Раҳимов кимга мухлислик қилган, Сардор Раҳимхон-чи?
— Санжар "Болалар” гуруҳи ва хориж эстрдасидан Брайан Адамсга, Сардор эса Юлдуз Ибрагимовнага.
— Шахсий фикрим, мухлислар - бевафо! Сени қўшиқларинг билан улғаяётган ёшлар олтмиш ёшида ҳам сенга мухлислик қилишига ишонасанми?— Юз фоиз ишонаман! Машҳурлигим, хит қўшиқларимга мухлислик қилаётганлар асосан ўн олтидан йигирма ёшгача бўлганлар. Қолганлари эса "Ишонмасман”, "Аразингиз”, "Назар-назар” қўшиқларимни тинглаб, ёшлик даврларини хотирлашига ишонаман. Чунки ўзим ҳам шундай мухлисман. Масалан, Тоҳир Содиқов, Юлдуз Ибрагимовна, Аваз Олимов каби бир қатор хонандаларнинг айрим қўшиқлари такрорланмас даврларимни эслатади. "Мафтун” гуруҳининг "Дўст, деб юрган менинг дўстларим, бўлиб қолди бир кун душманим...” деган қўшиғини ҳануз яхши кўраман. Яқинда гастрол сафари билан Андижонга борганимда шу гуруҳ вакилини учратиб қолдим. Улар қўшиқ айтганда, қўлларимни кўтариб уларга талпинганларим ёдимга тушди. Хурсанд бўлганимдан бағримга босиб, анча суҳбат қурдик. Вафодор мухлислар оз бўлсада, ҳар бир ижодкорда бор!— Йўқ, бу борада фикримиз бир ердан чиқмади. Балки менда садоқатли мухлислар бўлмагани учун шундай ўйларман (кулги кўтарилди). Дўстим, "Бомбей” қўшиғинг олдинги рейтингни қайтариб берди. Лекин олти йил аввалги хитлар кетма-кетлиги негадир бугун репертуарингни бойитмаяпти?
— Алишер, ярамни тирнаб, шу саволни бермагин!
— Дўст ачитиб гапиради! Қолаверса, суҳбат аввалида огоҳлантирдим. Қанчалик оғир бўлмасин жавоб беришингни истардим!  
— Ортга қайтиб, оғир кунларимни эслашга мажбур қиляпсан. Исталган хонанданинг энг катта истаги кетма-кет хит қўшиқлар яратиш! Чунки ижодкор шу билан тирик. Йўқса, хонанда нафақат мухлислар кўз ўнгида, балки ўзи қалбан ҳам сўла бошлайди. Мухлисларга айтмоқчи бўлганим, севимли хонандангиз кўринмай қолдими, билингки, ҳаётидаги қандайдир қийинчилик сабаб, ижод қилишга қўли бормаяпти. 2010 йил тўйимдан сўнг отам жиддий хасталикка чалинди. Икки ярим йил мобайнида топган-тутганимни фарзандлик бурчимни бажариб, у кишини даволатишга эмас, ижодга сарфлаб қўйиб, бутун умр афсус билан яшашни истамадим. Рейтингим тушишини жуда яхши билганман, лекин отамнинг соғлиги тикланиши олдида бу ҳеч қандай қийматга эга эмас! Йўқса, "Бомбей”, "Отажон”, "Яна манда, яна санда”, "Танҳогинам” каби бугун мухлисларга ҳавола этилаётган қўшиқларим аслида 2010 йилда ёзилганди. Бироқ уларга клип олиш, оммага тақдим этишга қўлим бормади. Кўнглимга ҳеч нима сиғмасди, ижод қилишга завқим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ эди. Иккинчи хатоим, "New star media” продюсерлик марказини очганим. Ўша пайтда яқинларим "Ҳали ўзинг қилишинг керак бўлган ишлар бисёр, ҳозир вақти эмас! Устоз даражасига етганинг йўқ” деганида қулоқ тутмаганман. Гўёки, улар менга ҳасад қилаётгандек туюлган. Мазкур марказ вақтим, имкониятларимни ўғирлаб қўйди. Бунинг ҳам ортидан бошимга мушкул кунлар тушди, туҳматга қолиб, кўп одамлардан панд едим, қарзга ботиб қолдим. Ҳаттоки, қўшиқ ёзиш учун студияга беришга пул тополмаган вақтларим бўлди. Вазиятдан чиқиш учун машинамни сотиб, таксида ҳам юрдим. Шундай қийин кунларимда боримни берган яқинларимнинг бирортасидан сас чиққани йўқ. Бошимни эгиб, қарз сўраб борганимда ҳамма эшикни кўрсатиб юбораверди... Бу ҳақда батафсил гапиришни истамасдим. Шукр қиламанки, мана шу синовларни енгиб ўтишимга Худо куч берди, синмадим. Иккита армонимдан бири... Отамнинг бўйиндаги илик  суягини жарроҳлик йўли билан алмаштириш учун Германияга олиб боришим, бунинг учун эса, 500 минг доллар пул керак эди.  Иккинчиси, узоқ йўлга бардошлари етмагани учун Ҳажга юборолмадим. Отамнинг ўлимидан ташқари, бошимга тушган барча синовлардан миннатдорман. Чунки нафсни енгишим, юлдузлик касалига чалиниб қилган хатоларимни тўғрилашим учун  зўр имконият бўлди! Авваллари асосий вақтим, меҳр-муҳаббатим, имкониятларимни кераксиз нарсаларга сарфлаганимни англадим. Бугунги кунда оиладан азиз маскан йўқлигини тўла тушундим. Хит қўшиқлар мавзусига қайтсак, хонандаларни рейтингини бугунги кунда ёшлар талаби белгилаб беряпти. Миллий эстарада йўналишини ҳазм қилишлари қийин бўлиб қолди.   
      — Қайсидир маънода фикринг тўғри. Лекин ҳамма нарса ижодкорнинг қўлида деб биламан. Миллий эстрада йўналишида зўр қўшиқ ёзсанг, ҳеч ким "ўчир овозини, қўшиғи ёқмади”, демайди.
— Аввалги миллий эстрада йўналишида "Айланиб кетойин”, "Оҳ, Бухоро парилари” каби бир қанча қўшиқларни тақдим этдим. Лекин "Бомбей” оммалашди, бу сўзимнинг  исботи эмасми?
— Балки ўша миллий эстрада йўналишидаги қўшиқларинг талаб даражасида чиқмагандир?— Йўқ, у қўшиқларнинг матни, мусиқа ва аранжировкаси борасида ўз ишининг усталари ишлаган. Бугун санъатдаги ўзгаришларни ёшлар аудиторияси белгилаб бераётганини инкор этиб бўлмайди. Шунинг учун уларнинг талабидан келиб чиқиб, ижод қилишга тўғри келяпти.— Актриса Асал Шодиевани клиплар тугул, фильмларда ҳам суратга тушишга кўндириш амримаҳол. Сўнгги пайтларда кетма-кет клипларингда чиқяпти. Асални клипда суратга тушишга қандай кўндирдинг? Агар ўзидан сўрасам "Сардор Раҳимхонни ёшлигимдан танийман, акамдек ҳурмат қиламан”, дейиши тайин, балки сен ҳам шундай дерсан (кулги кўтарилди)?  
— Кўндириш учун ортиқча ҳаракат қилмаганман. Аввало клип сценарийсини ўқиб чиқади, яхши ижод намунаси чиқишига кўзи етгачгина, суратга тушишга розилик билдиради. Ёш актрисалар орасида ўз касбининг устаси экани учун ҳурмат қилиб, клипимга таклиф этганман. 
      — Асал Шодиева "М&TVA-2013” тақдимотининг "Йилнинг энг яхши актрисаси” номинациясида ғолиб бўлишга муносибми?  
— Албатта! Асалга ўтган йили ҳам овоз бергандим.
— Бу йилги тақдимотда "Йилнинг энг яхши хонандаси” номинациясига лойиқман, деб ўйлайсанми?
— Ҳар йили ғолиб бўлмасамда, "Йилнинг энг яхши хонандаси”, "Йилнинг энг яхши қўшиғи”, "Йилнинг энг яхши клипи” номинацияларига ҳеч бўлмаса номзодим қўйилишини ният қилиб келганман.    
— Шахсан мен "Бомбей” учун "Йилнинг энг яхши клипи” номинациясига номзодинг қўйилса керак, деб ўйлаяпман. "Яна манда, яна санда” қўшиғинг клипига келсак, назаримда финали омадсиз якунланган, шахсан менга ёқмади. Лекин клип омадли чиққан. Қолаверса, клипда актрисалар Асал Шодиева ва Шоҳида Узоқовани суратга тушгани ҳам ёққан (самимий кулади). Юқорида айтганимдек, павильонда суратга олинганига эътирозим бор.  
— Балки сен режиссёр нуқтаи назари билан ёндашиб, қандайдир хатоларни кўргандирсан. Аввало бу режиссёрнинг ғояси. Павильон масаласига келсак, кўчада суратга ололмасдик. Чунки шу клип учун махсус декорациялар ясаттирилганди.    

Қўшиқ ғояси устида кимлар билан ишлайсан?
— Энди санъатга кириб келаётган бастакорлар билан. Охирги пайтларда Элдор Қаюмов ва "Беном” гуруҳи йигитлари билан ҳамкорлик қиляпман. Сўнгги "Танҳогинам” номли сокин қўшиқни улар "Ишонмасман” қўшиғимдан илҳомланиб ёзишган экан. Йиллар ўтса ҳам "Шу қўшиқни Сардор Раҳимхонга берамиз!” деган ниятлари холис бўлиб чиқди. Қўшиқнинг клипига профессионал даражада ёндошиб, одамларни таъсирлантирадиган, маънавий озуқа оладиган ижод намунаси қилишга ҳаракат қиляпмиз. Тез кунларда қўшиқни клипи билан мухлисларга ҳавола этамиз. Ҳамкорлар масаласига қайтсам, бугунги кунда кўпчилик юлдузлик касаллигига чалинган. Шу сабаб, нархлари осмон. Қўнғироқ қилсанг жавоб бермайди, ҳамфикрлик билан ижод қилгиси келмайди... Ваҳоланки, ҳаммамиз бир-биримизни танилишимизга сабабчи бўлганмиз. "Фалон хонанданинг қўшиғини аранжировка қилсам, клип олиб берсам”, деб юрган орзулари унут бўлган. Чунки машҳурликка эришиб бўлишди-да!   — Биринчи марта "Вой, Сардор Раҳимхон!” дейишгани ёдингдами?
— Ҳа, "Ишонмасман” қўшиғи оммалашган кезлари эди. Кунларнинг бирида автобусда кетаётсам, бир тўда қизлар "Ие, Сардор Раҳимхон ҳам автобусда юраркан”, дейишганди. Ҳанузгача шу одатим бор, уялсам қизариб кетаман. Ўшанда ҳам шу ҳолга тушгандим.
— Сен автобусда экансан-ку, мен пиёда кетаётганимда айтишганди (кулги кўтарилди). Хўп, хонанда Дилсўзни омадли лойиҳанг деса бўлади. "Баён” гуруҳининг тарқашига нима сабаб бўлди?   
— Асосий сабаб, молиявий танқислик бўлди. Чунки йигитларнинг ижарада туриши, еб-ичиши, кийиниши менинг зиммамда эди-да! Қолаверса, йигитлар орасидан гап ҳам ўтганди. Буларга тўхталишни истамайман. Муҳими, улар керакли вақтда қилган хатоларидан хулоса чиқара олишди.
— Дўстим, суҳбатни оила фронтига бурсак. Бой отасан! Шу йил туғилган кунингга рафиқанг қиз фарзанд туҳфа қилди. Ҳиссиётлар  қандай?
— Бу чинакам бахт-ку! Сабриянинг "адажоним!” деб жонимни олишлари ўзгача. Самия эса катта бўлса, опасидан ҳам шўх бўлади-ёв! Чунки ҳозирданоқ онасига тинчлик бермайди.  
— Охирги марта қачон рафиқанг, фарзандларинг билан сайрга чиқдинг?
— Рости, ижод билан бўлиб имконият тополмаяпман. Гоҳ-гоҳидагина кўчага оилавий чиқишга шароит бўлиб қолади.
— Шуларга алоҳида урғу бериб гапиргин, дўстим (кулади)! Анча муддатдан буён оилавий сайр қилолмаслигингни айтгин.    
— Ҳа, бу гаплар рафиқангга аталганми? (кулади) Санъаткорнинг рафиқаси бўлиш қийин. Турмуш ўртоғингизни тушунишингиз, сабр қилишингиз керак. Баъзида рафиқам "Қачон кинога борамиз?” дейди-да, кетидан ўзига ўзи "Ҳа, тушунаман, вақтингиз йўқ. Майли, хафа бўлмайман!” деб жавоб ҳам беради. Бундай вақтларда "Озгина кутгин, бирга ҳар куни сайр қиладиган вақтларимиз келади. Ҳали жонингга ҳам тегиб кетади”, дейман. Мени қўллаб-қувватлайдиган, тушунадиган аёлим борлигига шукр!
— Отангнинг сўнгги кунида ёнидамидинг?
— Албатта! Ўлимидан бир кун аввал Минор қабристонига бориб, гўрковга "бувимнинг ёнидан жой тайёрлаб қўйинг. Эртагача етиб бормайдилар-ов...” дедим (кўзига ёш олди). Укам "нега ундай дейсиз, ҳали узоқ яшайдилар!” деди. Кўнглимдан ўтаётган ғалаёнларни укамга айтолмадим. Айтганимдек, шу куни ярим тунда қўлимда жон бердилар. Ундан аввал қўнғироқ қилиб, яқинларимизни уйга тўпладим, онам ҳайрон... Биргина армоним охирги уч-тўрт соатларда тилдан қолгани учун сўнгги сўзини эшитолмадим. Ота мендан рози бўлинг, деганимда кўзидан дув-дув ёш оқарди... Отам - менинг идеалим! У киши ҳаётни доғсиз, оппоқ қоғоздек яхши кўрарди. Яшашга бўлган интилиши сабаб ҳам шифокорлар айтгандек бир ой эмас, икки ярим йил яшади.  


— Шу йўқотишдан сўнг таъсирчан одамлигингни билган кўпгина санъаткорлар "Сардор, анчайин чўкиб қолса керак”, деб ўйлаганди. Бироқ бу вазиятда ўзингни тезда ўнглаб олдинг.
— Тўғри! Икки ярим йил депрессияда ўтирганим етади. Бу ижодкор учун катта муддат. Яна тушкунликка тушсам, оила аъзоларимга ким далда бўларди? Шу сабаб ичим йиғласа ҳам, ташимда кулишга ўзимда куч топа олдим. Синов бардошли бўлиш учун берилади, енгилишга эмас!      
— Кутган одамларинг сендан кўнгил сўролдими?
— Йўқ! Нафақат ёрдам қўли, балки илиқ сўзларини ҳам дариғ тутишди. Лекин мен алам билан яшамайман. Уларнинг қилган ишларини эмас, ўзларини унутганман. Шундай "дўст”ларни тушунишни ва кечиришни ҳам билиш керак.
— Ўша "дўст”ларингни шундай муносабатига қарамай, яхши-ёмон кунида ёнида туриб бера оласанми?
— Албатта! Лекин биринчи қадамни ташлолмайман. Бунинг учун ғурурим, отам, оила аъзоларимнинг тушкун аҳволи, ака-укам ва ўзимнинг кўз ёшларимга оёқ босишимга тўғри келади. Бу менинг қўлимдан келмади.               Диктофон ўчирилгач...— Хит қўшиқлар борасидаги саволни беришдан мақсадим икки ярим йил ичида ижодда кўринмай қолганинг сабабларини  мухлислар ҳам билишини истагандим. Бу саволни бермасам улар мени кечиришмасди.  
— Ўша кунларга бориб келгандек бўлдим. Суҳбат давомида нимани йўқотдинг, деган саволингга тўлиқ жавоб бермадим. Ўйлаб қарасам, машҳурлигим бу — ожизлигим экан. Кимдир хафа қилса, ноҳақ айбласа, ўзимни ҳимоя қилолмас эканман. Ваҳоланки, Сардор Раҳимхон лом-мим, демаётгани — у айбдор, дегани эмас!   
— Дўстим, халқнинг эътиборидан четда қолиб кетишдан қўрқаман, қолиб ҳам кетяпман-ку! Сен нима деб ўйлайсан?
— Карьерангни футболда давом эттираяпсан-ку! Стадионга чиқсанг халқ сени олқишлайди.
— Бунинг учун зўр ўйинчи бўлишим керак-да! Жамоада энг қари футболчиман-ку, захирада ўтираман (кулади). Футболчи сифатида карьера қилишим қийинроқ.
— Шуни била туриб, футболни танладинг-ку! Шахсан мен учун эътибордан қолиш бу —фожеа! Икки ярим йиллик танаффус мобайнида депрессияга тушиб қолдим.
— Ундан қандай чиқдинг?!
— У пайтда раҳматли отам "Ҳаммаси яхши бўлади, синиб қолмагин!” деб руҳлантириб турарди. Оиламнинг бағри бутунлиги "жар”ликдан чиқишимга ёрдам берди. Бир нарсани очиқ айтаман, тасаввуримдагидек дўст тушунчаси йўқ экан. Қаршингдаги одамдан нимадир кутиш нотўғри экан, сабаби у интизорлигингни қондиролмайди. Ҳеч кимга умид боғлаш керакмаслигини ҳам англадим. Ва севги-муҳаббат, оила, дўстлик, умуман ҳамма муносабатларда чегара бўлиши шарт экан. Ўта яқин бўлиб, кўп нарсаларни ўзингга эп билсанг, бунинг охири уриш-жанжал билан тугайди. Сен билан орамиздаги дўстлигимизда чегара борлиги учун  ҳам у давомий! 
        


ХулосаАлишер Узоқов, актёр: — Суҳбатдан мамнун бўлдим, мухлисларнинг фикри ҳам меники билан бир хил чиқади, деган умиддаман. Дўстимнинг оғир кунлари ортда қолиб, ёруғ кунлари келгани рост бўлсин!Сардор Раҳимхон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: — Алишерга қачон мурожаат ё илтимос қилмай, мен билан машҳурлик даражасидан келиб чиқиб гаплашмайди. Бу инсонийлик хислатини жуда қадрлайман! Қолаверса, дўстимнинг самимийлиги, хушчақчақлиги унинг катта ютуғи. Мен ҳам у сингари қувноқ бўлишни истардим! Яна бир гап — Алишер актёрлик фаолиятини давом эттиришини жуда истардим.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА оққа кўчирдиФотомухбир: Иброҳим ШОХ 

Manba: www.BePuL.NeT -Saytdan olindi.



Нравится





REKLAMA QO'YILADI
Категория: SHOU BIZNES YANGILIKLARI / ШОУ БИЗНЕС ЯНГИЛИКЛАРИ | Просмотров: 689 | Добавил: Bepul_net | Теги: шоу бизнес янгиликлари, shou biznes yangiliklari, shoubiznes, Shou-Biznes, Узбек шоу бизнеси, Шов-бизнес, Shov biznes, шов шувлар, o'zbek shou biznesi | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск

-------
FOYDALI MASLAHATLA











Мини-чат
BEPUL REKLAMA
1 MP3UZ.NET
Пришли на сайта187 Ушли с сайта75 репутация сайта0.0
2 WWW.VOY.UZ
Пришли на сайта225 Ушли с сайта97 репутация сайта0.0
3 WWW.VOYDOD.UZ
Пришли на сайта271 Ушли с сайта107 репутация сайта0.0
4 OZBEK SHOU BIZNESI Y...
Пришли на сайта142 Ушли с сайта132 репутация сайта0.0
5 WWW.SAYYOD.NET
Пришли на сайта255 Ушли с сайта94 репутация сайта0.0
6 Авто - купля/продажа
Пришли на сайта158 Ушли с сайта103 репутация сайта0.0
7 WWW.BEPUL.NET
Пришли на сайта204 Ушли с сайта104 репутация сайта0.0
8 Shahzoda
Пришли на сайта172 Ушли с сайта45 репутация сайта0.0
9 Diana Gafarova Rasmi...
Пришли на сайта191 Ушли с сайта156 репутация сайта0.0
10 WWW.HAYOL.UZ
Пришли на сайта275 Ушли с сайта105 репутация сайта0.0

>>> REKLAMA QO'SHISH
Календарь
«  Ноябрь 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930
Архив записей
Друзья сайта
y
Copyright BePuL.NeT / БеПуЛ.НеТ © 2024 - 2013

Конструктор сайтов - uCoz